Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech


Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси  билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилишида ана шу саволга ечим изланди.

Аввало айтиш керакки, пластик карточкалар ва тўлов терминалларидан фойдаланиш  оғриқли масала сифатида кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.

 Бу масала  Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан 2015 йил давомида босқичма-босқич ўрганилиб, тегишли тартибда муҳокама қилиниб келинди. Партия мазкур масалани 2015 йилнинг 28 декаб-рида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясига киритган.

Масала сессияда кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинганди. Сессия қарорининг 9-бандига мувофиқ  Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси қарор ижроси юзасидан масалага қайта эътибор қаратди.

Йиғилишни доимий комиссия раиси Одилжон Маматкаримов очиб, таҳлилий ахборот тақдим этди.

Таъкидланганидек, савдо жараёнларида фуқа-роларнинг пластик карточкалардан бемалол фойдаланишларини ташкил этиш, бу борада савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларини тўлов терминаллари билан тўлиқ таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилган.

Айни вақтда  банкда нақд пул тушумига эга бўлган субъектларга 11950 та терминал ўрнатилган бўлиб, аҳолига 210 та инфокиоска хизмат қилиб келмоқда. Йил бошига нисбатан терминаллар сони  1655 тага, пластик карточкалар  181 минг донага, инфокиоскалар 113 тага кўпайган. Яна 3000 дона терминал, 650 минг дона пластик карточка олиб келиш учун Бош бошқармага буюртмалар берилган.

Йилнинг ўтган даври мобайнида  ўтказилган текширишларнинг 249 тасида тўлов терминали орқали савдо қилиш қоидаларини бузиш, 197 тасида тўлов терминали ўрнатмасдан фаолият кўрсатиш, 26 тасида нақд пулга нисбатан  пластик карточкалар орқали тўловларни юқори нархларда қабул қилиш, 7 тасида пластик карточкадаги пулларни нақдлаштириш, 26 ҳолатда пластик карточкалар орқали тўловни рад  этиш аниқланган.

Аниқланган қонунбузарликлар бўйича 25,9 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилган. Ҳужжатсиз фаолият юритаётган 632 фуқародан 1 миллиард 284 миллион 100 минг сўмлик товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида судларга юборилган ва судлар томонидан 44,7 миллион сўм миқдорида  маъмурий жарималар  қўлланган. 8 та ҳолат бўйича бозорлар ва савдо комплекс-лари фаолиятини назорат қилиш Бош бошқармаси вилоят бўлими томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банк плас-тик карточкаларидан  фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига  олти йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлишига қарамасдан  ҳали ҳозиргача тўлов терминалларисиз фаолият юритиб турган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини учратиш мумкинлиги,  халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори ижросига беписандлик билан муносабатда бўлаётганларнинг борлиги ташвишлидир. Банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилишда 15-20 фоизгача устама нарх қўйиш, пластик карточкалардаги маблағларни 20 фоизгача  чегириб қолиш йўли билан  нақдлаштириб бериш каби ҳолатларнинг борлиги ҳам  ҳеч биримизга сир эмас.

Келтирилган далиллар қайсидир масъул идоралар ва  мутасадди шахсларнинг айби. Аммо яна бир жиҳат шуки, бу каби иллатларнинг йўқ бўлмаётганига жамоатчилик назоратининг фаоллашмаётгани, фуқароларда ҳуқуқий маданиятнинг етарли шаклланмаганлиги сабаб бўлаётганини  назарда тутмоғимиз керак.

 Масала юзасидан муҳокамада  вилоят бозорлар уюшмаси бош ҳисобчиси Расулжон Аҳмадалиев, хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Тоҳиржон Қаюмов, ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Дилором Абдураҳимова, депутат Наргиза Муҳаммадиева, ЎзХДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Фахриддин Юлдашев, Учқўрғон, Тўрақўрғон ва Норин туман партия кенгаши раислари Абдуллажон Қодиров, Равшан Қосимов, Мавлуда Бакировалар сўзга чиқиб, ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.

Марказий банк вилоят  бош бошқармаси ҳамда вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбар мутасаддилари хабардор этилганликларига қарамай йиғилишга келмадилар. Иштирокчиларнинг яқин бир соат қайта-қайта қўнғироқларидан кейин «Асака» банк вилоят бўлимидан Шокиржон Абдуллаев келди. Ш. Абдуллаев бир қатор саволларга жавоб берди. Аммо Марказий банк вилоят бош бошқармасига тегишли бўлган саволлар жавобсиз қолди.

Аксарият савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида  тўлов терминаллари носоз, ҳатто яроқсиз, нега? Биз марказий банк вилоят бош бошқармасидан мавзу юзасидан саволларга жавоб кутамиз.

Доимий комиссия йиғилиши мазкур масалани вилоят Кенгаши сессиясига яна бир бор киритиш бўйича қарор қабул қилди.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ.

 

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech