Chop etish

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг

буйруғи

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 6 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2547-3]

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 827-сон «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

  1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 2547, 2013 йил 31 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 1-сон, 10-модда) билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
  2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
  3. Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.
  4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
  5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш Давлат хизматлари агентлиги директори Х. Турахужаев зиммасига юклансин.

Вазир Р. ДАВЛЕТОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 6 ноябрь,

504-мҳ-сон

 

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 6 ноябрдаги 504-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

  1. 47-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза боланинг ота-онаси, ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири ёки ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс, ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан тақдим этилади.».

  1. 84-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Тиббий кўрик натижаси бўйича никоҳланувчи шахсларда ёки уларнинг бирида руҳий ҳолатининг бузилганлиги аниқланса, ФҲДЁ органи руҳий ҳолатининг бузилиши аниқланган никоҳланувчи шахснинг яшаш жойидаги туман, шаҳар тиббиёт бирлашмасидан унинг руҳий ҳолати бузилиши сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги ҳақида маълумот мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши лозим.».

  1. 125-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин.»;

қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«Ўлим хақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш яқин қариндош(лар) ёки меросхўр(лар)нинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилади.».

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.11.2019 й., 10/19/2547-3/4000-сон)